Китобхонлик — маънавий юксалиш пойдевори
05.03.2026 11:27:08 11
Наманган давлат педагогика институтининг Чортоқ туманида жойлашган академик лицейида институт Филология кафедраси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–9-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида талабалар ўртасида “Энг фаол китобхон” танлови ўтказилди.
Мазкур танлов ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш, уларнинг бадиий ва илмий-оммабоп адабиётларга бўлган қизиқишини ошириш, мутолаа орқали тафаккур доирасини кенгайтириш ҳамда мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилди.
Айниқса, китобнинг инсон маънавий камолотидаги ўрни ва аҳамияти тадбир мазмунида алоҳида намоён бўлди.
Танлов жараёнида иштирокчилар ўзлари мутолаа қилган асарлар юзасидан савол-жавобларда фаол иштирок этиб, теран таҳлилий фикрлари, асосли мулоҳазалари ва ижодий тақдимотлари орқали билим ва интеллектуал салоҳиятларини намоён этдилар.
Белгиланган мезонлар асосида очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилган баҳолаш жараёни танловнинг адолатли ташкил этилганини таъминлади.
Тадбирда институтнинг филология кафедраси мудири, PhD, доцент Р. Тиллаева ҳамда кафедра ўқитувчиси, PhD С. Қозақовалар иштирок этиб, ёшларнинг китобхонликка бўлган қизиқиши ортиб бораётгани, мутолаа маданияти шахс камолоти ва келгуси педагог кадрларни тайёрлашда муҳим омил эканини таъкидладилар.
Танлов якунида энг фаол, билимдон ва ташаббускор иштирокчилар рағбатлантирилди.
Бундай маънавий-маърифий тадбирлар ёш авлод қалбида китобга меҳр, илмга интилиш, юксак маънавий қадриятларга садоқат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Академик лицей ҳамда Филология кафедраси ҳамкорлигида бу каби ташаббусларни изчил давом эттириш режалаштирилгани эса мазкур йўналишдаги ишлар тизимли равишда амалга оширилаётганини кўрсатади.